YouVersion Logo
Search Icon

Левилар 17

17
17–БОБ
Қоннинг табарруклиги
1Эгамиз Мусо орқали 2Ҳорунга, унинг ўғилларига ва жамики Исроил халқига қуйидаги амрларни берди: 3агар Исроил халқидан бирортаси қароргоҳда ёки қароргоҳ ташқарисида буқа, қўзи ёки эчкини қурбонлик қилса–ю, 4уни Эгамизга тақдим қилиш учун Учрашув чодири кираверишига олиб келмаса, ўша одам қон тўккани учун айбдор ҳисоблансин. Қон тўккан бу одам халқ орасидан йўқ қилинсин. 5Бу қоида Исроил халқининг далаларда қурбонликлар қилишларига чек қўяди. Улар қурбонликларини руҳонийга, Учрашув чодири кираверишига олиб келадиган бўлишади ва қурбонликларини тинчлик қурбонлиги қилиб, Эгамизга бағишлашади. 6Руҳоний қурбонликнинг қонини Учрашув чодирига кираверишда турган Эгамизнинг қурбонгоҳига сепсин. Сўнг Эгамизга ёқимли ҳид бориши учун қурбонликнинг ёғини куйдирсин. 7Бундан буён Исроил халқи ўз қурбонликларини эчки жинларга#17:7 эчки жинлар — одамларнинг тасаввурига кўра, бу жинлар саҳрода яшардилар. келтирмасин, Эгамизга бевафолик қилмасин. Бу қоидага улар доимо, авлодлари оша риоя қилишсин.
8Исроил халқидан ёки уларнинг ораларида истиқомат қилаётган мусофирлардан бирортаси куйдириладиган ва бошқа қурбонликлар қилса–ю, 9ўшаларни Эгамизга назр қилиш учун Учрашув чодири кираверишига олиб келмаса, у одам халқ орасидан йўқ қилинсин.
10Агар Исроил халқидан ёки уларнинг ораларида истиқомат қилаётган мусофирлардан бирортаси қони чиқарилмаган гўштни еса, Эгамиз қон истеъмол қилган ўша одамга қарши чиқиб, уни халқ орасидан йўқ қилиб юборади. 11Зотан, жонзотнинг жони унинг қонидир. Эгамиз қонни сизларга қурбонгоҳ устида гуноҳларингизни ювиш учун берган. Жон ато этадиган қон сизларни гуноҳларингиздан поклайди. 12Шунинг учун Эгамиз Исроил халқига: “Қони чиқарилмаган гўштни зинҳор истеъмол қилманг, ораларингизда яшаётган мусофир ҳам қонни истеъмол қилмасин”, — деб айтган.
13Овланган ҳалол ҳайвон ёки қушнинг қонини чиқаринглар. Қонни тупроқ билан кўмиб қўйинглар. Бу қоида Исроил халқига ва уларнинг орасида истиқомат қилаётган мусофирларга тааллуқлидир. 14Ҳар бир жонзотнинг жони унинг қонидир. Шу боис Эгамиз Исроил халқига айтди: “Қони чиқарилмаган гўштни еманглар. Зотан, ҳар бир жонзотнинг жони қондадир. Қон истеъмол қилган одам халқи орасидан йўқ қилинсин.”
15Ҳаром ўлган ёки ёввойи ҳайвон ғажиб ташлаган жониворнинг гўштини еган ҳар бир одам, Исроил халқидан ёки бошқа халқдан бўлишидан қатъи назар, кийимларини ювсин, ўзи ҳам ювинсин. У кечгача ҳаром бўлиб, сўнг яна пок бўлади. 16Борди–ю, у кийимларини ювмаса, ўзи ҳам ювинмаса, қилган гуноҳи учун жазоланади.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in