Галатияликлар 3
3
3–БОБ
Қонунга амал қилиш ва Масиҳга ишониш ҳақида
1Эй бефаҳм Галатияликлар! Ким сизларни сеҳрлаб қўйди?#3:1 Ким сизларни сеҳрлаб қўйди? — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Ҳақиқатга бўйсунмаслигингиз учун сизларни ким сеҳрлаб қўйди? Ахир, Исо Масиҳнинг хочга михлангани кўз ўнгингизда аниқ тасвир этилмаганмиди?! 2Сизлардан фақатгина бир нарсани сўраб билмоқчиман! Хўш, сизлар Руҳни қандай қилиб олдингизлар: қонунга#3:2 қонун — 2:16 изоҳига қаранг. амал қилиш орқалими ёки эшитганларингизга ишониш орқалими? 3Сизлар шунчалик бефаҳммисизлар? Руҳ қудрати билан янги ҳаёт бошлаган экансиз, энди уни ўз инсоний кучингиз билан камолга етказмоқчимисиз? 4Татиб кўрганларингизнинг ҳаммаси беҳуда кетдими? Наҳотки ростдан ҳам беҳуда кетган бўлса?! 5Худо сизларга Ўз Руҳини ато этиб, орангизда мўъжизалар яратмоқда. Нима деб ўйлайсиз: У буни қонунга амал қилганингиз учун қиляптими ёки эшитганларингизга ишонганингиз учунми?!
6Муқаддас битикларда Иброҳим ҳақида шундай ёзилган: “У Худога ишонди, мана шу ишончи учун Худо уни солиҳ деб билди.”#3:6 Ибтидо 15:6 га қаранг. 7Шундан билингларки, ким имонли бўлса, ўша инсон Иброҳимнинг авлоди деб ҳисобланади. 8Худо даставвал Иброҳимга: “Барча халқлар сен орқали барака топадилар”#3:8 Ибтидо 12:3 га қаранг., деб Хушхабар келтирган. Муқаддас битиклардаги бу сўзлар шуни кўрсатадики, Худо ғайрияҳудийларни имон орқали оқлайди. 9Шунинг учун ким имонли бўлса, Худога ишонган Иброҳим қатори Худонинг баракасидан баҳраманд бўлади.
10Қонунга амал қилиш орқали Худони мамнун қилмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси лаънат остидадир. Ахир, Муқаддас битикларда: “Қонун китобидаги амрларнинг ҳаммасини тўлиқ бажармаганлар лаънат остидадир!”#3:10 Муаллиф бу ўринда Қонунлар 27:26 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган. деб ёзилган–ку! 11Шундай экан, кўриниб турибдики, қонунга амал қилиш билан ҳеч ким ўзини Худо олдида оқлай олмайди, зотан, солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади#3:11 …солиҳ инсон имон туфайли ҳаётга эга бўлади — Хабаққуқ 2:4 га қаранг.. 12Қонунни бажариш имонга асосланмаган, қонунда фақатгина амрларнинг ҳаммасини бажарганларга ҳаёт ваъда қилинган#3:12 …қонунда…ваъда қилинган — Левилар 18:5 га қаранг..
13Масиҳ эса бизни қонун лаънатидан халос қилди. У хочга михланганда бизнинг ўрнимизга лаънатланди. Ахир, Муқаддас битикларда: “Ёғочга қоқилган ҳар бир киши лаънатидир”#3:13 Қонунлар 21:23 га қаранг., деб ёзилган–ку! 14Шу йўсин ғайрияҳудийлар ҳам Исо Масиҳ орқали Худонинг Иброҳимга ваъда қилган баракаларидан баҳраманд бўладилар, биз ҳам имон орқали Худо ваъда қилган Руҳни оламиз.
Худонинг ваъдаси ва қонуннинг ғояси
15Биродарлар! Ҳаётдан бир мисол келтирай: одамнинг васияти тасдиқлангандан кейин уни ҳеч ким бекор қилолмайди ва унга ҳеч нарса қўшолмайди. 16Энди эса Худонинг Иброҳимга ва унинг зурриётига берган ваъдаларига қарайлик. Муқаддас битикларда Иброҳимга: “Сенинг зурриётларингга#3:16 зурриётларинг — юнонча сўзнинг сўзма–сўз таржимаси. Юнон тилида ҳам, ўзбек тилида ҳам, одатда бу сўз кўплик шаклида ишлатилмайди.”, деб айтилмаган, аксинча, “Сенинг зурриётингга”#3:16 “Сенинг зурриётингга” — Ибтидо 12:7 га қаранг. Бу ўринда ишлатилган юнонча сўз, Ибтидо китобидаги ибронийча сўз сингари, Иброҳимнинг бутун авлодига ёки авлодидан келиб чиқадиган зурриётининг бирига ишора қилиши мумкин., деб айтилган. Бундан кўриниб турибдики, ваъдада кўпчилик эмас, балки бир Киши, яъни Масиҳ назарда тутилган. 17Шуни айтмоқчиманки, Худо Иброҳим билан аҳд тузгандан сўнг 430 йил#3:17 430 йил — Чиқиш 12:40-41 га қаранг. ўтгач, қонун берилди. Аммо тасдиқланган аҳдни қонун кучдан қолдирмади, демак, Худонинг ваъдасини бекор қилмади. 18Агар Худонинг инъоми инсонларнинг қонунга амал қилишига кўра, бериладиган бўлса, демак, ваъдага кўра, берилмайди. Иброҳимга эса Худо Ўз инъомини ваъда бўйича берди.
19Ундай ҳолда қонун нима учун берилган? Қонун гуноҳкорлигимизни кўрсатиш учун берилган. Иброҳимнинг ваъда қилинган Зурриёти#3:19 Иброҳимнинг ваъда қилинган Зурриёти — яъни Исо Масиҳ. келмагунча, бу қонун жорий бўлиши керак эди. Қонун фаришталар томонидан#3:19 фаришталар томонидан — Қонунлар 33:2-4, Ҳаворийлар 7:53, Ибронийлар 2:2 га қаранг., бир воситачи#3:19 воситачи — яъни Мусо. орқали халққа берилди. 20Ваҳоланки, одам бир ўзи иш қилганда, воситачи керак бўлмайди. Танҳо бўлган Худо эса ваъда берганда ҳеч бир воситачисиз беради.
21Хўш, қонун Худонинг ваъдаларига зидми? Асло! Агар абадий ҳаёт ато қилишга қодир бир қонун берилган бўлса эди, унда шубҳасиз қонунга амал қилиш билан оқланса бўлар эди. 22Аммо Муқаддас битикларга кўра, бутун борлиқ гуноҳнинг тутқунидир#3:22 …бутун борлиқ гуноҳнинг тутқунидир — Римликлар 3:9-20 га қаранг.. Шунинг учун ваъда фақат Исо Масиҳга ишониш орқали рўёбга чиқади ва имонлиларга насиб бўлади.
23Имон йўли аён бўлишидан аввал, биз қонун назорати остидаги тутқунлар эдик. Ўша имон аён бўлишини кутаётган эдик. 24Бошқача айтганда, қонун Масиҳга бошловчи мураббийимиз эди. Энди эса биз Масиҳга бўлган имон орқали оқланамиз. 25Имон йўли аён бўлган экан, биз энди мураббийнинг тарбиясида эмасмиз.
Масиҳга ишонганлар Худонинг фарзандларидир
26Энди сизлар Исо Масиҳга бўлган имонингиз орқали Худонинг фарзандисизлар. 27Сизлар сувда чўмдирилиб, Масиҳ билан бирлашдингиз. Ҳар бирингиз Масиҳга бурканиб олдингиз. 28Энди на яҳудий, на юнон#3:28 юнон — яъни ғайрияҳудий. Ўша даврда юнон сўзи миллати юнон бўлган одамга нисбатан ҳам, юнон тилида гапириб, юнон урф–одатларига риоя қиладиган одамга нисбатан ҳам ишлатилган. бор, на қул, на озод бор, на эркак, на аёл бор. Сизлар Исо Масиҳга тегишли бўлганингиз учун ҳаммангиз бирсизлар. 29Сизлар Масиҳники экансизлар, демак Иброҳимнинг ҳам зурриётисизлар, берилган ваъданинг баракаларидан баҳраманд бўласизлар.
Currently Selected:
Галатияликлар 3: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020