Чиқиш 17
17
17–БОБ
Қоядан чиққан сув
1Исроил халқининг бутун жамоаси ҳар доим Эгамизнинг амрига риоя қилиб, бир жойдан бошқа жойга кўчиб юриб#17:1 …бир жойдан бошқа жойга кўчиб юриб… — Саҳрода 33:12-14 га қаранг., Син саҳросидан#17:1 Син саҳроси — 16:1 нинг иккинчи изоҳига қаранг. кетди. Исроил халқи Рафидимда#17:1 Рафидим — Исроил халқи Синай тоғига етиб боришидан олдин охирги тўхтаган жойи. Рафидимнинг қаерда жойлашгани аниқ маълум эмас. қароргоҳ қурган эди, лекин у ерда ичгани сув йўқ экан. 2Улар Мусога таъна қила бошладилар. “Бизга ичгани сув бер”, деб ундан талаб қилдилар. Шунда Мусо:
— Нимага менга таъна қиляпсизлар?! — деди. — Нима учун Эгамизни синаяпсизлар?!
3Лекин халқ чанқаган эди. “Нимага бизни Мисрдан олиб чиқдинг?! Ўзимизни, болаларимизни, чорвамизни сувсизликдан ўлдириш учун олиб чиққан экансан–да?!” деб Мусони айбладилар.
4— Бу халқни нима қилай? — деб илтижо қилди Мусо Эгамизга. — Яна бир оздан кейин улар мени тошбўрон қилишади–ку!
5— Исроил оқсоқолларидан баъзиларини ёнингга олиб, халқнинг олдида бор! — деб амр берди Эгамиз Мусога. — Нил дарёсига урган таёғингни ҳам ўзинг билан ол. 6Мен сенинг олдингда — Синай тоғидаги#17:6 Синай тоғи — ибронийча матнда Хорев тоғи, Синай тоғининг яна бир номи. қоянинг тепасида тураман. Сен таёқни қояга ур, қоядан сув отилиб чиқади. Кейин халқ ичади.
Мусо Исроил оқсоқолларининг кўзи олдида Эгамиз айтгандай қилди. 7Шундай қилиб, Мусо ўша жойга Массах ва Марива#17:7 …Массах…Марива… — ибронийчада Массах номининг маъноси — синов, Марива номининг маъноси — жанжал. деб ном берди. Исроил халқи у ерда Мусо билан жанжал қилган, “Эгамиз биз учун ғамхўрлик қиладими, йўқми?” деб Худони синаган эди.
Исроил халқи Омолек халқини енгади
8Омолек халқи Рафидимга келиб, Исроил халқига уруш очдилар. 9Шунда Мусо Ёшуага:
— Одамлардан танлаб олгин–да, бориб, Омолекларга қарши урушга чиқ! — деди. — Эртага мен тепаликнинг устида бўламан. Худо, ол, деб тайинлаган таёқ#17:9 Худо, ол, деб тайинлаган таёқ — ёки Худонинг қудратига эга бўлган таёқ. қўлимда бўлади.
10Ёшуа Мусо буюргандай қилиб Омолеклар билан жанг қилгани борди. Мусо, Ҳорун ва Хур тепаликнинг устига чиқишди. 11Мусо қўлларини кўтарганда, Исроил халқи ғолиб келар, туширганда эса Омолеклар ғолиб келарди. 12Охири Мусонинг қўллари толиқди. Шунда Ҳорун билан Хур Мусога тош келтириб қўйиб бердилар. Мусо тош устига ўтирди. Кейин Мусонинг қўлларини бир томондан Ҳорун, бир томондан Хур юқорига кўтариб турди. Қуёш ботгунча, Мусонинг қўлларини юқорига кўтариб туравердилар. 13Шундай қилиб, Ёшуа Омолекларни енгиб, қиличдан ўтказди.
14Шундан кейин Эгамиз Мусога айтди:
— Бу ғалабани хотира қилиб, ёзиб қўй, Менинг қуйидаги ваъдамни ҳам кирит: “Мен Омолекларнинг номини ер юзидан ўчираман.” Кейин буни овоз чиқариб Ёшуага ўқиб бер.
15Мусо бир қурбонгоҳ қурдириб, бу қурбонгоҳга: “Эгам байроғимдир”#17:15 “Эгам байроғимдир” — бу ердаги “байроқ” сўзи остида уруш вақтида жангчиларни руҳлантирган лашкар рамзи назарда тутилган. Мусо қурбонгоҳга “Эгам байроғимдир” деган ном қўйиб, шу орқали Исроил халқига жанг қилиш учун кучни ва ғалабани ёлғиз Эгамиз бера олишини эслатмоқчи. Мусо “байроқ”, деб жанг давомида кўтариб турган ҳассасини назарда тутган бўлиши мумкин (шу бобнинг 9–оятига қаранг). Мусонинг ҳассаси Худонинг қудрати ва Исроил халқига берган ёрдамининг рамзи бўлиб хизмат қиларди. деб ном берди. 16“Омолеклар Эгамизнинг тахтига қарши қўлларини кўтаришга журъат қилганлари учун, Эгамиз доимо уларга қарши уруш қилади”#17:16 “Омолеклар…Эгамиз доимо уларга қарши уруш қилади”… — ёки “Эгамизнинг байроғини баланд тутинглар! Эгамиз Омолек халқига қарши то абад урушни давом эттиради”…., деди.
Currently Selected:
Чиқиш 17: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020