Чиқиш 15
15
15–БОБ
Мусо ва Марямнинг ғалаба қўшиғи
1Шундан кейин Мусо ва Исроил халқи Эгамизга қуйидаги қўшиқни куйлади:
“Эгамизни мадҳ этиб куйлайман. У буюк ғалаба келтирди.
Отларни, аравакашларни денгизга улоқтирди.
2Эгамиз менинг куч–қудратимдир#15:2 …куч–қудратимдир — ёки …қудратим, шукрона қўшиғимдир..
У менинг қутқарувчимдир.
У менинг Худойимдир, мен Уни олқишлайман,
Отамнинг Худосидир, мен Уни улуғлайман.
3Ҳа, У жангчидир, У Эгамиздир#15:3 …У жангчидир, У Эгамиздир — ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси …ЙҲВҲ жангчидир, ЙҲВҲ Унинг исмидир. Энди Исроил халқи ўз кўзи билан Худонинг қилган ишларини кўриб, Унинг кимлигини тўлиқроқ тушунадиган бўлди. Худо Ўз халқи Исроил учун курашадиган кучли жангчидир (14:14, 25 га қаранг). Яна 3:13, 14, 15 изоҳларига ва 6:3 нинг иккинчи изоҳига қаранг..
4Фиръавннинг лашкарини, жанг араваларини Эгамиз денгизга улоқтирди.
Унинг сара лашкарбошиларини Қизил денгизга#15:4 Қизил денгиз — ибронийча матнда Ём–Суф, маъноси Қамиш денгизи (шу бобнинг 22–оятида ҳам бор). 13:18 изоҳига қаранг. чўктирди.
5Денгиз қаъри уларни кўмди.
Улар тош сингари тубсизликка тушиб кетдилар.
6Эй Эгамиз, Сенинг қудратинг азимдир.
Эй Эгамиз, Сенинг ўнг қўлинг душманни роса эзди.
7Сен буюк ғалаба қозондинг.
Душманларингни йиқитиб,
Уларга ғазабингни сочган эдинг,
Ғазабинг уларни хас–чўп сингари ёндириб ташлади.
8Қаҳрли нафасингдан сув бир жойга йиғилиб,
Девор каби тик туриб қолди,
Денгизнинг қаъри қаттиқ ер бўлиб қолди.
9Шунда душман гердайиб айтди:
«Орқаларидан тушаман, қувиб етаман.
Ўлжани баҳам кўраман. Булардан кўнглим қониқади.
Қиличимни яланғочлаб, уларни яна қул қиламан.»
10Қаҳрли нафасингдан денгиз уларни кўмиб юборди.
Улар баҳайбат сувда қўрғошиндай ғарқ бўлдилар.
11Худолар орасида Сенга ўхшагани борми, эй Эгамиз?!
Ким Сенга ўхшар?!
Муқаддаслигинг билан улуғворсан Сен,
Қўрқинчли ишларинг билан ҳамду санога илҳомлантирасан,
Сен ажойиботлар кўрсатасан.
12Сен ўнг қўлингни узатган эдинг,
Ғанимларни ер ютди.
13Ўзинг қутқарган ўша халқни Сен содиқ севгинг билан олиб борасан.
Муқаддас маконингга#15:13 Муқаддас маконинг — Канъон юртида жойлашган Қуддусдаги Сион тоғи назарда тутилган бўлиши мумкин (яна шу бобнинг 17–оятига қаранг). Ўша ерда кейинчалик Маъбад қурилган эди. Маъбад яна “Худонинг уйи” деб аталар эди. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги СИОН сўзига қаранг. қудратинг билан уларни етаклаб борасан.
14Халқлар эшитиб буни, титрашади:
Филист халқи ваҳимага тушиб қолади.
15Эдом уруғбошилари қўрқувга тушади–ку,
Мўаб бекларини титроқ босади–ку!
Канъондаги халқлар умидсизликка тушади–ку!
16Уларни қўрқув ва даҳшат қамраб олар.
Эй Эгамиз, Сенинг халқинг ўтиб кетгунча,
Ўзинг эга бўлган бу халқ ўтиб кетгунча,
Улар билагинг кучи олдида тошдай қотиб қолади.
17Халқингни Ўз тоғингга олиб келасан,
Уларни жойлаштирасан уйинг учун танлаган ерга, эй Эгамиз!
Қўлларинг ўрнатган муқаддас масканингга#15:17 …Ўз тоғингга…муқаддас масканингга… — шу бобнинг 13–ояти изоҳига қаранг.
Олиб кириб жойлаштирасан, эй Раббий!
18Эгамиз абадулабад шоҳ бўлиб ҳукмронлик қилади.”
19Фиръавннинг отлари, аравакашлари ва жанг аравалари денгиз ўртасига тушди. Шунда Эгамиз уларнинг устига денгиз сувларини қайтариб олиб келди. Исроил халқи эса денгиз ўртасидаги қуруқ ердан ўтиб кетди. Шу боис Мусо ва халқ қўшиқ куйлади.
20Ҳоруннинг опаси Марям пайғамбар чилдирмани қўлига олди. Ҳамма аёллар унга эргашиб, чилдирмаларини қўлларига олиб, ўйнадилар. 21Марям қуйидаги нақоратни куйлаб, уларга бошчилик қилди:
“Эгамизни мадҳ этиб куйланг. У буюк ғалаба келтирди.
Отларни, аравакашларни денгизга улоқтирди.”
Тахир сув
22Мусо Исроил халқини Қизил денгиздан бошлаб чиққандан кейин, улар Шур саҳросига бордилар. Улар саҳрода уч кун юрсалар ҳам, сув топа олмадилар. 23Ундан кейин Марога бордилар. Аммо Маронинг суви тахир бўлгани учун ичолмадилар. Шунинг учун ҳам у ерга Маро#15:23 Маро — ибронийчадаги маъноси тахир. деб ном берилган эди. 24Халқ эса: “Энди нима ичамиз?” деб Мусога минғирлаб нолиди. 25Мусо эса Эгамизга илтижо қилган эди, Эгамиз Мусога бир чўпни кўрсатди. Мусо чўпни олиб сувга ташлаган эди, сув ичишга яроқли бўлиб қолди. Шундай қилиб, ўша ерда Эгамиз Исроил халқини синади. Эгамиз уларга яшаш қонун–қоидасини берди. 26У Исроил халқига шундай деди: “Агар Мен, Эгангиз Худога ҳушёр бўлиб қулоқ солсангиз, Менинг олдимда тўғри ишлар қилсангиз, амрларимга итоат этсангиз, ҳамма қонунларимга риоя қилсангиз, ўшанда Мен Мисрликларни дучор қилган хасталикларнинг бирортасига ҳам сизларни дучор қилмайман. Сизларга шифо берадиган Эгангиз Менман.”
27Шундан сўнг Исроил халқи Илим деган жойга келди. У ерда ўн иккита булоқ, етмишта пальма дарахти бор эди. Улар булоқ бўйида қароргоҳ қурдилар.
Currently Selected:
Чиқиш 15: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020