YouVersion Logo
Search Icon

Чиқиш 13

13
13–БОБ
Тўнғич эркакларни бағишлаш тўғрисидаги амр
1Эгамиз Мусога яна гапирди:
2— Ҳамма тўнғичларни Менга бағишланглар. Исроил халқининг ҳамма тўнғич ўғиллари ва ҳайвонларининг биринчи эркак боласи Меникидир.
Хамиртурушсиз нон байрами тўғрисида кўрсатмалар
3-4Шундан сўнг Мусо халққа деди: “Бугун Абиб ойида#13:3-4 Абиб ойи — иброний календарининг биринчи ойи (Абиб ойи Нисон ойи деб ҳам аталади). Ҳозирги календарга кўра, бу ой тахминан мартнинг ўртасидан бошланади. сизлар Миср юртидан чиқиб кетяпсизлар. Хамиртуруш қўшилган нонни еманглар. Бу кунни асло эсларингиздан чиқарманглар. Зеро, Эгамиз Ўз қудрати билан сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиқди. 5У сизларни Канъон, Хет, Амор, Хив ва Ёбус халқларининг ерларига олиб боради. Эгамиз бу ерларни ота–боболарингизга, бераман, деб онт ичган. У сизларни сут ва асал оқиб ётган ўша юртга#13:5 сут ва асал оқиб ётган ўша юрт — 3:8 изоҳига қаранг. олиб боргандан кейин, Абиб ойида қуйидагича удумни ўтказинглар: 6етти кун хамиртурушсиз нон енглар. Еттинчи куни Эгамизга атаб байрам қилинглар. 7Шу пайтларда уйингизда ёки юртингизнинг бирон жойида хамиртурушли нон ёки хамиртуруш бўлмасин. 8Ҳар йили байрам кунлари давомида нима учун байрамни нишонлаётганингизни болаларингизга тушунтиришингиз лозим. Уларга:
— Мисрдан чиқаётганимизда, Эгамиз бизга кўрсатган чексиз муруввати учун байрамни нишонлаяпмиз, — деб айтинг. 9Бу байрам гўё қўлингиздаги ёки пешанангиздаги бир белгидай бўлади. Эгамиз сизларни Мисрдан Ўз қудрати билан олиб чиққанини бу байрам эслатиб туради. Эгамизнинг таълимотини болаларингизга ўргатишингиз учун байрамни нишонланглар. 10Сизлар белгиланган вақтда йиллар оша ушбу қонун–қоидага риоя қилиб боринглар.
Тўнғич эркакларни Эгамизга бағишлаш тўғрисида кўрсатмалар
11Эгамиз ўзларингизга ва ота–боболарингизга онт ичиб ваъда берган Канъон халқларининг юртига сизларни олиб келади. Ўша юртни сизларга беради. Шундан кейин 12тўнғич ўғилларингизни, ҳамма чорвангизнинг биринчи эркак боласини Унга беринглар. Буларнинг ҳаммаси Эгамизникидир. 13Эшакнинг#13:13 эшак — асосий транспорт воситаси бўлиб хизмат қилгани учун муҳим бир ҳайвон эди. Эшак ҳаром ҳисоблангани боис (Левилар 11:1-8 га қаранг), уни Худога қурбонлик қилиб бўлмас эди, шунинг учун эшакнинг туғилган биринчи эркак боласини қайтариб сотиб олиш керак эди. “Ҳалол” ҳайвонларнинг тўнғич эркак боласи эса қурбонлик қилинар эди (Саҳрода 18:15-17 га қаранг). туғилган биринчи эркак боласини ҳам Эгамиздан бир қўзи ёки улоқчани аташ эвазига сотиб олинглар. Агар эшакни қайтариб сотиб олмасликка қарор қилсангиз, эшакнинг бўйнини синдириб ўлдиришингиз керак. Сизлар Эгамиздан ҳамма тўнғич ўғилларни ҳам қайтариб сотиб олишингиз лозим#13:13 …ҳамма тўнғич ўғилларни ҳам қайтариб сотиб олишингиз лозим — бу амр руҳонийларга кумуш тўлаш орқали амалга ошириларди (Саҳрода 18:15-16 га қаранг).. 14Келажакда фарзандларингиз сиздан:
— Бу удумнинг маъноси нима? — деб сўрашганда шундай жавоб беринглар:
— Эгамиз бизни Мисрдаги қулликдан қудратли қўли билан олиб чиққан. 15Фиръавн ўжарлик қилиб, кетишимиз учун бизга ижозат бермаганда, Эгамиз Миср юртидаги ҳамма тўнғичларни — одамларнинг тўнғичидан тортиб, ҳайвонларнинг биринчи эркак боласигача ўлдирган. Мана шунинг учун ҳам ҳайвонларнинг биринчи эркак боласини Эгамизга қурбонлик қиламиз. Тўнғич ўғилларимизни эса қайтариб сотиб оламиз.
16Бу байрам қўлингиздаги ёки пешанангиздаги бир белгидай бўлиб қолади. Эгамиз бизни қудратли қўли билан Мисрдан олиб чиққанини шу байрам сизларга эслатиб туради.”
Устун шаклидаги булут ва аланга
17Халқ урушга дуч келиб қолса, Мисрга қайтиб кетмасин, деб ўйлади Худо. Шунинг учун фиръавн Исроил халқига ижозат бергандан кейин, Филист халқининг юрти орқали ўтадиган йўл#13:17 Филист халқининг юрти орқали ўтадиган йўл — Нил дельтасидан Канъон юртига борадиган энг қисқа йўл. Бу йўл Ўрта ер денгизининг қирғоғи бўйлаб борар эди. тўғри Канъонга олиб борса ҳам, Худо халқни бу йўлдан бошлаб кетмади. 18Худо халқни Қизил денгизга#13:18 Қизил денгиз — ибронийча матнда Ём–Суф, маъноси Қамиш денгизи. Бу оятдаги мана шу ном остида ҳозирги Суэц қўлтиғи (яъни Қизил денгизнинг шимоли–ғарбидаги қўлтиқ) ёки Суэц қўлтиғи ва Ўрта ер денгизи оралиғида жойлашган кўллардан бири назарда тутилган. 14:10-31 даги ҳодисаларнинг тафсилотига кўра, бу денгиз катталигидан Исроил халқига тўсиқ бўлган, чуқурлигидан Миср лашкари чўкиб кетган. саҳро бўйлаб айланма йўл орқали олиб кетди.
Исроил халқи Мисрдан чиққанда, гуруҳларга бўлинган ҳолда йўлга тушди. 19Мусо Юсуфнинг суякларини ўзи билан олди. Юсуф Исроил уруғларига қасам ичдириб: “Худо сизларни қутқаргани албатта келади, ўшанда менинг суякларимни бу ердан олиб кетинглар”, деган эди#13:19 Юсуф…деган эди — Ибтидо 50:24-25 га қаранг..
20Исроил халқи Сухотдан чиққандан кейин, саҳро этагидаги Этхамда қароргоҳ қурди. 21Эгамиз кундузи устун шаклидаги булут ичида, кечаси устун шаклидаги аланга ичида уларнинг олдида юриб, йўлларини ёритиб йўл кўрсатиб борди. Шу тариқа Исроил халқи ҳамма вақт — кундузи ҳам, кечаси ҳам йўл юра олди. 22Кундузи булут устуни, кечаси аланга устуни халқнинг олдидан бир дам нари кетмади.

Currently Selected:

Чиқиш 13: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in