YouVersion Logo
Search Icon

Чиқиш 11

11
11–БОБ
Мусо охирги фалокатни фиръавнга аён қилади
1Эгамиз Мусога айтганди#11:1 Эгамиз Мусога айтганди… — 3:20-22, 4:21-23 га қаранг.: “Мен фиръавннинг бошига ҳам, Миср юртига ҳам яна битта фалокат юбораман, ўшандан кейингина бу ердан кетишингизга у сизларга ижозат беради. Бу юртдан ўзи сизларни ҳатто ҳайдаб чиқаради. 2Энди Исроил халқига айт: ҳамма эркагу аёл Мисрлик қўшнисидан олтин, кумуш тақинчоқлар сўраб олсин.” 3Эгамиз Мисрликларни шундай қилдики, улар Исроил халқига илтифот кўрсатдилар. Мусони ҳам Миср юртида, фиръавннинг аъёнлари, Миср халқи кўз олдида ғоят улуғ қилган эди.
4Шунда Мусо фиръавнга деди:
— Эгамиз шундай айтмоқда: “Тун ярмида Миср бўйлаб юраман. 5Шунда Мисрдаги ҳамма тўнғич ўғиллар — тахтда ўтирган фиръавннинг тўнғичидан тортиб, қўл тегирмонида ўтириб ишлаётган чўри хотиннинг тўнғич ўғлигача нобуд бўлади. Ҳатто чорванинг биринчи эркак боласигача нобуд бўлади. 6Бутун Миср бўйлаб қаттиқ фарёд кўтарилади. Бунақа воқеа илгари бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди. 7Исроил халқи яшаган ерларда эса тинчлик ҳукм суради. Уларга қарашли бирорта одамга ёки бирорта ҳайвонга ҳатто ит ҳам ҳуриб қўймайди. Ўшанда Мен, Эгангиз, Исроил халқини Миср халқидан айирганимни билиб оласизлар.” 8Ўшанда аъёнларинг ҳаммаси келиб, менга икки букилиб таъзим қилади. Менга: “Сен ҳам, сенга эргашган халқинг ҳам кетинглар”, деб ёлворасизлар. Мен ўшандан кейин кетаман.
Мусо ғазаб билан фиръавннинг ҳузуридан чиқиб кетди.
9Эгамиз Мусога шундай деган эди: “Мисрда Менинг ажойиботларим кўпайиши учун фиръавн сизларнинг гапингизга қулоқ солмайди.” 10Мусо билан Ҳорун фиръавннинг олдида ҳамма ажойиботларни кўрсатиб бўлдилар. Лекин Эгамиз фиръавннинг юрагини тош қилиб қўйди. Фиръавн ўз юртидан Исроил халқининг кетишига ижозат бермади.

Currently Selected:

Чиқиш 11: ЎзбМК

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in