Қонунлар 9
9
9–БОБ
Халқнинг итоатсизлиги
1Қулоқ сол, эй Исроил! Бугун Иордан дарёсининг нариги томонига#9:1 …Иордан дарёсининг нариги томонига… — яъни Иордан дарёсининг ғарб томонига. ўтасизлар. Ўзларингиздан кўпроқ ва кучлироқ бўлган халқларнинг ерларини мулк қилиб оласизлар. Уларнинг улкан шаҳарлари осмонўпар деворлар билан ўралган. 2Ўша кучли, бўйи баланд халқ Оноқ авлодидандир#9:2 Оноқ авлоди — 1:28 изоҳига қаранг.. Уларни ўзларингиз биласизлар, “Оноқ авлодига ким ҳам бас кела оларди?!” деган гапларни эшитгансизлар. 3Бугун шуни билиб қўйингларки, Эгангиз Худо ямламай ютадиган оловдай сизларнинг олдингизда боради. Худо Оноқ авлодини мағлуб қилиб, сизларга итоат эттиради. Шунда Эгамиз берган ваъдага кўра, уларни бир лаҳзада қувиб, йўқ қиласизлар.
4Эгангиз Худо уларни сизларнинг олдингиздан ҳайдаганда, ўзингизча: “Эгам солиҳлигим учун бу ерни менга берди”, деб айтманглар. Бу халқлар фосиқ бўлгани учун Эгамиз уларни сизларнинг олдингиздан ҳайдаяпти. 5Сизлар солиҳлигингиз учун, юрагингиз тўғри бўлгани учун уларнинг ерига бориб эгалик қилмаяпсизлар. Йўқ! Бу халқларнинг фосиқлиги туфайли Эгангиз Худо уларни олдингиздан ҳайдаяпти. Шу йўл билан оталарингиз Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга Эгангиз онт ичиб берган ваъдасини бажаради. 6Шуни билиб қўйингларки, Эгангиз Худо бу ҳосилдор юртни сизларга солиҳ бўлганингиз учун бермаяпти. Сизлар солиҳ эмас, ўжар халқсиз.
7Эгангиз Худони саҳрода қанчалар ғазаблантирганингизни ёдингизда тутинглар, асло унутманглар. Мисрдан чиққан кундан бошлаб, мана шу ерга етиб келгунингизча Эгамизга қаршилик қилиб келдингизлар. 8Синай тоғида#9:8 Синай тоғи — ибронийча матнда Хорев тоғи, Синай тоғининг яна бир номи. ҳам Эгамизнинг ғазабини келтирганингизда, У шундай ғазабландики, сизларни йўқ қилиб юборай деди. 9Мен тош лавҳаларни, яъни Эгамиз сизлар билан қилган аҳд#9:9 Эгамиз сизлар билан қилган аҳд — яъни ўнта амр. лавҳаларини олгани тоққа чиқдим. Қирқ кечаю қирқ кундуз тоғда бўлдим, у ерда на нон едим, на сув ичдим. 10Эгамиз менга Ўз қўли билан ёзган иккита тош лавҳани берди. Тоғда йиғилган кунингиз Эгамиз сизларга олов ичидан айтган амрларнинг ҳаммаси тош лавҳаларга ёзилган эди. 11Қирқ кечаю қирқ кундуздан кейин Эгамиз менга аҳд сўзлари ёзилган иккита тош лавҳани берди.
12Кейин Эгамиз менга: “Қани бўл, бу ердан тез пастга туш! Ўзинг Мисрдан бошлаб олиб чиққан халқ йўлдан озди. Мен сизларга амр қилган йўлдан дарров тойиб, ўзларига бут ясади”, — деди.
13Эгамиз менга яна шундай деди: “Бу халқ ҳақиқатан ҳам ўжар эканлигини кўриб турибман. 14Энди Мени тўхтатма. Ҳаммасини ҳалок қиламан, уларнинг номини ер юзидан ўчираман. Улардан ҳам кўпроқ, кучлироқ халқни сендан яратаман.”
15Мен тоғдан қайтиб тушдим. Тоғ олов бўлиб ёнар, аҳднинг иккита тош лавҳасини қўлларимга кўтариб олган эдим. 16Қарасам, сизлар Эгангиз Худога қарши гуноҳ қилибсизлар, ўзларингизга бузоқ шаклидаги бутни ясаб олибсизлар. Бирпасда Эгамиз сизларга амр қилган йўлдан тойибсизлар. 17Шунда қўлларимдаги иккала тош лавҳани отиб юбордим. Уларни кўз олдингизда синдирдим. 18Эгамиз олдида юз тубан мук тушиб, олдингидай#9:18 олдингидай — шу бобнинг 9–оятига қаранг. қирқ кечаю қирқ кундуз нон емай, сув ичмай илтижо қилдим, чунки сизлар гуноҳ қилган эдингизлар. Эгамиз олдида қабиҳ иш қилиб, Уни ғазаблантирган эдингизлар. 19Эгамиз ғазабланиб, сизларни йўқ қилмоқчи бўлди. Мен Унинг ғазабидан қўрқдим. Лекин Эгамиз бу сафар ҳам менинг илтижоларимга қулоқ солди. 20Эгамиз Ҳорундан ҳам ғазабланиб, уни ҳалок қилмоқчи бўлди, лекин мен ўшанда Ҳорун учун ҳам Эгамизга ёлвордим. 21Сизлар бутни ясаб гуноҳ қилдингиз, шунинг учун мен бутни оловда ёндирдим. Тупроқдай майдалаб эзиб, кукунини тоғдан оқиб тушаётган ирмоққа ташлаб юбордим. 22Сизлар Таверада#9:22 Тавера — Саҳрода 11:1-3 га қаранг. ҳам, Массах#9:22 Массах — Чиқиш 17:1-7 ва Саҳрода 20:1-13 га қаранг. ва Хиврут–Хаттавода#9:22 Хиврут–Хаттаво — Саҳрода 11:33-34 га қаранг. турганингизда ҳам Эгамизни ғазаблантирган эдингиз. 23Эгамиз сизларни Кадеш–Барнадан жўнатганда ҳам, сизларга: “Боринглар, Мен сизларга берадиган ерни мулк қилиб олинглар”, деб амр қилганда, сизлар Эгангиз Худонинг амрига қаршилик қилдингизлар#9:23 Кадеш–Барнадан жўнатганда ҳам…сизлар Эгангиз Худонинг амрига қаршилик қилдингизлар — Саҳрода 13-14–бобларга қаранг.. Унга ишонмадингизлар, қулоқ солмадингизлар. 24Мен сизларни таниганимдан буён, сизлар Эгамизга қарши бош кўтарасизлар.
25Эгамиз сизларни ҳалок қилмоқчи бўлгани учун Мен Эгамиз олдида ўша қирқ кечаю қирқ кундуз мук тушиб ибодат қилганимда 26шундай деб ёлворган эдим: “Эй Эгамиз Раббий! Халқингни ҳалок қилма. Ахир, улар Сенинг мулкинг–ку! Сен уларни буюк кучинг билан қутқариб, қудратинг билан Мисрдан олиб чиққансан. 27Қулларинг Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубни ёдингда тут, бу халқнинг ўжарлиги, фосиқлиги ва гуноҳига эътибор берма. 28Акс ҳолда, Мисрликлар шундай дейди: «Анави халқнинг Эгаси ваъда қилган ерига уларни олиб киролмабди. У Ўзининг халқини ёмон кўрар экан, шунинг учун уларни саҳрода нобуд қилиш мақсадида Мисрдан олиб чиққан экан!» 29Ахир, уларни буюк кучинг ва ажойиботларинг билан Мисрдан Ўзинг олиб чиққансан, улар Сенинг халқингдир.”
Currently Selected:
Қонунлар 9: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020