2 Тимўтий 4
4
4–БОБ
Тимўтийга қатъий буйруқ
1Худо ҳузурида ҳамда тиригу ўликларни ҳукм қиладиган Исо Масиҳ ҳузурида, Унинг келиши ва ҳукмронлиги ҳақи, сенга қатъий буюраман: 2Худонинг каломини тарғиб қил. “Ҳозир бунинг вақтими, вақти эмасми?” демай, уни астойдил эълон қил. Одамларга таълим бериб, уларни тўғри йўлга сол, танбеҳ бер, насиҳат қил. Ҳаммасини сабр–тоқат билан бажар. 3Чунки шундай вақт келадики, одамлар соғлом таълимотга тоқат қилмайдиган бўладилар, улар атрофига ўзларига мос, қулоқларига ёқимли сўзлар айтадиган муаллимлар тўплайдилар. 4Улар ҳақиқатдан юз ўгириб, афсоналарга берилиб кетадилар. 5Аммо сен ҳар қандай шароитда ақл билан иш тут, азобларга чида, Хушхабарни тарғиб қил, ўз хизматингни тўлиқ бажаргин.
6Мен ҳадемай бу дунёдан ўтиб кетаман#4:6 Мен ҳадемай бу дунёдан ўтиб кетаман… — 1:16 изоҳига қаранг., жоним Худога қурбон#4:6 …жоним Худога қурбон — юнонча матнда …шароб назридай тўкилмоқдаман. Филиппиликлар 2:17 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. 7Мен улуғ курашда жанг қилдим, зиммамдаги вазифани охирига етказдим, Хушхабарга содиқ қолдим. 8Мени солиҳлик тожи кутмоқда. Одил Ҳакам — Раббимиз Исо келган кунда ўша тожни менга Ўзи беради. Бундай тож фақат менга эмас, балки Унинг келишини интизорлик билан кутаётганларнинг ҳаммасига насиб бўлади.
Павлуснинг Тимўтийга сўнгги кўрсатмалари
9Менинг олдимга тезроқ келишга ҳаракат қил. 10Чунки Димас бу дунёга кўнгил боғлаб, мени тарк этди. У Салоника шаҳрига кетди. Крискес Галатия вилоятига, Титус#4:10 Титус — Павлуснинг ҳамкори ва ёрдамчиси (2 Коринфликлар 8:23, Титус 1:4-5 га қаранг). Далматия вилоятига#4:10 Далматия вилояти — Римдан шимоли–шарқда, ҳозирги Адриатика денгизининг шарқий қирғоғида жойлашган. кетди. Ёнимда фақат Луқо#4:10 Луқо — Колосаликлар 4:14 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. бор. 11Маркни#4:11 Марк — Колосаликлар 4:10 га ва ўша оятнинг охирги изоҳига қаранг. ўзинг билан бирга олиб кел, у хизматимда менга ёрдам беради. 12Мен Тихикусни Эфес шаҳрига юбордим. 13Келаётганингда ўзинг билан тўнимни олиб кел, мен уни Троас шаҳридаги Карпусникида қолдирганман. Қўлёзмаларни#4:13 Қўлёзма — папирус ёки ошланган теридан қилинган узун ўрама қоғоз. Қадимги пайтларда китоблар одатда ўрама қоғоз шаклида бўлган. ҳам, айниқса, чармга ёзилганларини олиб кел.
14Темирчи Искандар менга кўп ёмонлик қилди. Раббимиз Исо уни қилмишига яраша жазолайди. 15Сен Искандардан эҳтиёт бўл, чунки у бизнинг таълимотимизга қаттиқ қаршилик кўрсатди.
16Мени биринчи марта маҳкамага олиб боришганда, ҳеч ким мени ёқламади. Ҳамма мени ташлаб кетди. Худо бу айбни уларнинг бўйнига қўймасин! 17Аммо Раббим Исо ёнимда турди, Хушхабарни тўлиғича барча халқларга етказишим учун Унинг Ўзи менга куч берди. У мени ўлим чангалидан#4:17 …ўлим чангалидан… — юнонча матнда …арслон оғзидан…, мажозий усулда ўлимга ишора. Ўша даврда ўлим жазосига маҳкум қилинган жиноятчиларни тириклайин йиртқич ҳайвонларнинг олдига ташлашарди. Лекин Павлус Рим фуқароси бўлгани учун, уни бу йўл билан қатл қилиб бўлмас эди. қутқарди. 18Раббим мени бундан кейин ҳам ҳар қандай ёмонликдан халос қилади ва Ўзининг самовий Шоҳлигига соғ–саломат етказади. Унга абадулабад шон–шарафлар бўлсин! Омин.
Сўнгги саломлар
19Прискилла билан Акилга#4:19 Прискилла билан Акил — Ҳаворийлар 18:2-3, 18-21, 24-26 га қаранг. ва Онисифоруснинг хонадонига салом айтиб қўй. 20Эрастус Коринф шаҳрида қолди. Трофимус эса касал бўлгани учун, уни Милейтус шаҳрида қолдирдим. 21Қиш бошланмасдан олдин#4:21 Қиш бошланмасдан олдин… — Эфесдан Римга денгиз орқали бориларди. Одатда ноябрь ойининг ўрталаридан бошлаб то март ойининг ўрталаригача денгиз орқали сафар қилишнинг иложи йўқ эди. Тимўтий бу пайтда Эфесда бўлгани учун Павлус унга, қишдан олдин йўлга тушгин, деб айтган. келишга ҳаракат қил. Эбулус, Пудес, Линус, Клавдия ва бу ердаги ҳамма имонлилар сенга салом йўллаяптилар.
22Раббимиз Исо сенга ҳамроҳ бўлсин. Унинг инояти ҳаммангизга ёр бўлсин#4:22 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўз оятга қўшимча қилинган: омин..
Currently Selected:
2 Тимўтий 4: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020