YouVersion Logo
Search Icon

2 Коринфликлар 2

2
2–БОБ
1Яна хафагарчилик келтирмаслик учун сизларнинг олдингизга бормасликка қарор қилдим#2:1 Яна хафагарчилик келтирмаслик учун сизларнинг олдингизга бормасликка қарор қилдим — Павлус Коринфдаги жамоатга асос солгандан кейин (Ҳаворийлар 18:1-11 га қаранг), яна бир бор у ерга борган эди (12:14, 13:1 га қаранг). Унинг бу иккинчи сафари ҳақида ҳеч қандай маълумот сақланиб қолмаган. Чамаси, Коринфдаги жамоатда муаммолар бўлган ва Павлус Коринфга қилган бу иккинчи сафари давомида кўнгилсизликларга дуч келган. Павлус Коринфга бўладиган навбатдаги сафари давомида олдингидай кўнгилсизликларга дуч келишни хоҳламаяпти.. 2Ахир, сизларни хафа қилсам, менга хурсандчилик келтирадиганларни хафа қилган бўламан–ку! Ундай ҳолда, ким мени хурсанд қилади?! 3Олдинги мактубни#2:3 Олдинги мактуб — “1 Коринфликлар” мактубига ишора бўлса керак. 1:16 нинг биринчи изоҳига қаранг. ёзганимнинг сабаби ҳам шудир, токи сизларнинг олдингизга борганимда орамизда хафагарчилик бўлмасин, ахир, менга катта қувонч келтирадиган сизлар эмасми?! Ишончим комилки, менинг қувончим сизларнинг қувончингиздир. 4Сизларни хафа қилиш учун эмас, балки сизларни қанчалик яхши кўришимни кўрсатиш учун ўша мактубни ёзган эдим. Уни чуқур қайғу, изтироб билан, кўз ёш тўкиб ёзган эдим.
Гуноҳ қилган одамни кечириш ҳақида
5Мени хафа қилган одам#2:5 Мени хафа қилган одам — бу ўринда Павлус ким ҳақида гапираётгани аниқ эмас. 1 Коринфликлар 5:1-5 да айтиб ўтилган одам ёки муаммолар келтириб чиқараётган бошқа бир одам бўлиши мумкин. Ким бўлишидан қатъи назар, жамоат унга танбеҳ берган ва у одам ўз гуноҳларидан тавба қилган. фақатгина мени эмас, балки қайсидир даражада сизларнинг ҳаммангизни хафа қилган бўлади, аммо бу масалага керагидан ортиқ урғу бермайлик. 6Ахир, хафа қилган одамга кўпчилик томонидан берилган жазо етарли. 7Энди бўлса, уни кечириб, тасалли беринглар, токи у ҳаддан ортиқ қайғуриб, тушкунликка тушмасин. 8Сизлардан ўтинаман, унга бўлган меҳр–муҳаббатингизни кўрсатинг.
9Олдинги мактубимни ёзишдан яна бир мақсадим шу эди: сизлар ҳар жиҳатдан итоаткор эканмисиз ёки йўқми, шуни билмоқчи эдим. 10Сизлар бирор кишини кечирсангиз, мен ҳам уни кечираман. Бирортаси кечиришим керак бўладиган айб иш қилган бўлса, сизларнинг манфаатингизни кўзлаб, Масиҳнинг ҳузурида уни кечираман. 11Шайтонга алданиб қолмайлик, ахир, унинг фитналаридан бехабар эмасмиз–ку!
Павлус Троас шаҳрида безовта бўлади
12Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни эълон қилиш учун Троас шаҳрига борганимда, Эгамиз менга йўл очиб берган эди. 13Аммо кўнглим нотинч эди, чунки биродарим Титусни#2:13 Титус — Павлуснинг ҳамкори ва ёрдамчиси (8:23 га ва Титус 1:4-5 га қаранг). у ерда топа олмадим. Шунинг учун у ердагилар билан хайрлашиб, Македонияга жўнадим.
Масиҳ орқали қозониладиган ғалаба
14Худога шукур! Худо бизга Масиҳнинг тантанали юришида#2:14 тантанали юриши — бу ўринда ишлатилган юнонча сўз урушдан ғалаба билан қайтган Рим лашкарининг тантанали юришига нисбатан ҳам ишлатилган. Рим лашкарбошиси урушдан қайтиб келганда, Рим шаҳрининг кўчалари бўйлаб лашкари билан тантанали юриш қилар эди. Асир олинган душманлар эса ҳамманинг кўзи олдида уларнинг ортидан юрарди. Бу тантанали юриш байрам тусини оларди, куйдирилган тутатқи ва зираворларнинг хушбўй ҳиди бутун шаҳар бўйлаб тараларди. иштирок этишни насиб қилди. Атирнинг ҳиди қандай таралса, худди шу сингари, ҳар ерда ва ҳар доим Худо биз орқали Ўзи ҳақидаги хабарни тарқатмоқда. 15Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни ёяр эканмиз, биз нажот топадиганлар орасида ҳам, ҳалок бўладиганлар орасида ҳам Худога хуш келадиган тутатқи назрининг ҳидига ўхшаймиз. 16Бу ҳид ҳалок бўладиганлар учун ўлим ҳидидир, нажот топадиганлар учун эса ҳаётбахш хушбўй ҳиддир. Бундай юксак масъулиятга Худо бизни лойиқ топди. 17Мана, биз кўпчилик каби, Худонинг каломини бозорга солмаймиз. Аксинча, Худо томонидан юборилган ва Масиҳ хизматида бўлган кишилардек, Худонинг кўзи олдида соф кўнгил билан воизлик қилмоқдамиз.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in