YouVersion Logo
Search Icon

1 Тимўтий 5

5
5–БОБ
Имонлилар жамоатидаги муносабатларга оид кўрсатмалар
Ёшу қариялар
1Ёши катта одамга қаттиқ гапирма, уни отанг ўрнида кўриб, ҳурмат билан насиҳат қил. Ёшларга укаларингдек, 2кампирларга оналарингдек муносабатда бўл. Ёш аёлларни сингилларинг ўрнида кўриб, уларга покдиллик билан насиҳат қил.
Бевалар
3Суянчиғи йўқ бева хотинларга ғамхўрлик қил. 4Агар беванинг болалари ёки набиралари бор бўлса, улар, энг аввало, ўз оиласи олдидаги, Худо буюрган фарзни адо этиб, фарзандлик бурчини бажарсинлар, чунки бу Худога мақбулдир. 5Ёлғиз қолган, суянчиғи йўқ бева хотин бутун умидини Худога боғлаб, кечаю кундуз тоат–ибодат қилади. 6Аммо кайф–сафога берилиб кетган бева хотин руҳан ўликдир. 7Беваларга ва уларнинг оила аъзоларига буларни ўргат, токи улар маломатга қолмасинлар. 8Зеро, ўз қариндошларига, хусусан, оила аъзоларига ғамхўрлик қилмаган киши имонни инкор этган бўлади. У имонсиздан ҳам баттардир.
9Туллар рўйхатига#5:9 Туллар рўйхати — Эфесдаги имонлилар жамоатдан моддий ёрдам оладиган бева аёлларнинг рўйхатини тузган. Мана шу рўйхатдаги бевалар ўзларини ибодатга ва Худога хизмат қилишга бағишлаб, онт ичганлар (шу бобнинг 5, 10-12–оятларига қаранг). фақатгина олтмиш ёшдан ошган, марҳум эрига вафодор бўлган#5:9 …марҳум эрига вафодор бўлган… — юнонча матндан сўзма–сўз таржимаси …бир эркакнинг хотини бўлган…. 3:2 изоҳига қаранг. бева аёлларни кирит. 10Бу аёллар қилган эзгу ишлари билан танилган, яъни болаларига яхши тарбия берган, мусофирларга меҳмондўст бўлган, Худо азизларининг оёқларини ювган#5:10 …Худо азизларининг оёқларини ювган… — бу иборани икки хил маънода тушунса бўлади. Биринчи маъноси жамоат йиғилишларига келганларнинг, меҳмон устоз ва ваъзхонларнинг оёқларини ювиб, уларга иззат–ҳурмат билдирадиган бир маросим (Юҳанно 13:1-5 га қаранг). Иккинчи маъноси эса умуман жамоатдагиларга самимият билан, беғараз хизмат қилишни билдирадиган мажозий маънода ишлатилган ибора., қийналганларга ёрдам берган, ўзларини турли хил хайрли ишларга бағишлаган бўлишлари лозим.
11-12Бева қолган ёшроқ хотинларни рўйхатга киритма. Чунки уларнинг эҳтироси жунбишга келганда, эрга тегишни истаб қоладилар. Шунда улар эрга тегмаслик ҳақидаги Масиҳга берган ваъдасини бузиб, одамлар орасида ёмон отли бўлиб қоладилар. 13Бундан ташқари, улар бошқа бир хатарга йўлиқадилар: ялқовликка берилиб, уйма–уй юришга ўрганиб қоладилар. Шуниси етмагандай, ғийбат қилишга, бошқаларнинг ишига бурун суқиб, лозим бўлмаган нарсаларни гапиришга одатланадилар. 14Шу сабабларга кўра, мен ёш беваларнинг эрга тегишини истардим. Улар бола туғиб, рўзғор ишлари билан машғул бўлсинлар, ғанимларимизнинг ёмон гапиришларига имкон яратиб бермасинлар. 15Чунки шундоқ ҳам баъзи беваларимиз тўғри йўлдан озиб, шайтон йўлига кириб кетдилар.
16Агар бирорта имонли аёлнинг#5:16 …бирорта имонли аёлнинг… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида бирорта имонлининг. бева қолган қариндошлари бўлса, уларга ўзи ёрдам берсин, бу вазифани имонлилар жамоатига юкламасин. Шунда суянчиғи йўқ бева хотинларга жамоат яхшироқ ёрдам бера олади.
Жамоат оқсоқоллари
17Имонлилар жамоатини яхши бошқараётган, хусусан, астойдил ваъз айтиб, таълим бераётган оқсоқоллар ҳурматга сазовордирлар, улар қилган меҳнатларига яраша тақдирлансинлар. 18Зеро, Муқаддас битикларда: “Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсманг”#5:18 Қонунлар 25:4 га қаранг. ва “Меҳнаткаш иш ҳақини олишга муносибдир”#5:18 Луқо 10:7 га қаранг., — дейилган. 19Икки ёки уч гувоҳ бўлмаса, ҳеч бир оқсоқолга қўйилган айбни қабул қилма. 20Гуноҳ қилиб юрган оқсоқолларни эса ҳамманинг олдида фош қилиб, тавбага чақир, токи бошқаларнинг ҳам дилига қўрқув кирсин. 21Худо, Исо Масиҳ ва танланган фаришталар#5:21 танланган фаришталар — самодаги фаришталарга ишора. Уларнинг рақиблари шайтон шоҳлигининг аъзоси бўлган гуноҳкор фаришталардир. Танланган фаришталарни бу рўйхатга киритишдан мақсад шуки, фаришталар ҳам қиёмат кунида Исонинг ҳузурида бўладилар (Матто 25:31, Ваҳий 14:10 га қаранг). ҳузурида сенга қатъий буюраман: ҳеч бир ишда юз–хотирчилик ва тарафкашлик қилмай, бу кўрсатмаларимга риоя қил.
22Бирор одамни жамоат оқсоқоли вазифасига тайинлашга шошилма, тағин бировнинг гуноҳларига шерик бўлиб қолма. Ўзингни пок сақла. 23Лекин сув ичиш билан чекланиб қолмай, озгинадан шароб ҳам ичиб тур#5:23 Лекин сув ичиш билан чекланиб қолмай, озгинадан шароб ҳам ичиб тур — Тимўтий пок бўлиш ниятида ўзини шароб ичишдан тийган бўлиши мумкин (3:3, 8 га қаранг). Бу ўринда Павлус озгина шароб ичиш соғлик учун фойдали эканини айтиб ўтади, чунки ўша даврларда ичимлик суви тоза бўлмаган ва соғликка зарар эди.. Бу ошқозонингга яхши таъсир қилиб, тез–тез юз бераётган касалликларингнинг олдини олади. 24Баъзи одамларнинг гуноҳлари ҳозирдан очиқ–ошкор бўлиб, ҳатто қиёмат кунидан олдин фош бўлмоқда. Бошқаларнинг гуноҳлари эса охиратда маълум бўлади. 25Шунингдек, қилинган хайрли ишлар ҳам ошкордир. Баъзилари ошкор бўлмаса–да, барибир пинҳон қолмайди.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in