YouVersion Logo
Search Icon

1 Коринфликлар 6

6
6–БОБ
Имонлилар орасидаги даъволарни ҳал қилиш ҳақида
1Орангизда биттасининг бошқа бировга даъвоси бор экан. Бу даъвони ҳал қилиб берсин деб, у киши Худонинг азизлари олдига эмас, балки имонсизлар олдига боришга қандай журъат қиляпти? 2Худонинг азизлари ҳатто дунёни ҳукм қилишини наҳотки сизлар билмасангиз?! Модомики, сизлар дунёни ҳукм қилар экансиз, наҳотки аҳамиятсиз икир–чикир ишларни ҳукм қила олмасангиз? 3Биз ҳатто фаришталарни ҳам ҳукм қиламиз–ку! Шуни билмайсизларми?! Шундай экан, турмуш икир–чикирлари нима бўлибди?! 4Нима учун энди бир–бирингизга даъвоингиз бўлса, жамоатга дахли бўлмаган ҳакамларнинг олдига боряпсиз?! 5Наҳотки орангизда ўз биродарларининг даъвосини ажрим қила оладиган бирорта доно одам топилмаса?! Уялмайсизларми, ахир?! 6Имонли биродар яна бошқа бир имонли биродари билан даъволашмоқда, қолаверса буни имонсиз ҳакамларнинг олдида қиляпти–я!
7Ундан кўра, ҳақсизликка чидаб турганингиз сизлар учун яхшироқ бўлмасмиди? Ҳатто ҳийла–найранглардан зарар кўриш сизлар учун афзалроқ бўлмасмиди? Бир–бирингиз билан даъволашишнинг ўзи сизлар учун тамоман мағлубият–ку! 8Шуниси етмагандай, сизлар ҳийла–найранглар билан ўз биродарингизга ноҳақлик қиляпсизлар.
9Наҳотки билмасангизлар?! Ноҳақлик қилувчилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар–ку! Адашманглар, жинсий томондан ахлоқсиз бўлганлар, бутпарастлар, зинокорлар, баччабозлару баччалар, 10ўғрилар, тамагирлар, майхўрлар, ғийбатчилар ва товламачилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар. 11Баъзиларингиз олдин шундай эдингиз. Энди эса сизлар Раббимиз Исо Масиҳнинг номи билан ва Худонинг Руҳи орқали покландингиз, Худога бағишландингиз, оқландингиз.
Аъзойи баданингиз билан Худони улуғланг
12Баъзиларингиз: “Хоҳлаганимни қилишга ҳақим бор”, деб айтяпсизлар. Тўғри, лекин ҳамма нарса ҳам фойдали эмас. Хоҳлаганимизни қилишга ҳақимиз бор, лекин ҳеч бир нарса бизнинг устимиздан ҳокимлик қилмаслиги керак. 13Баъзиларингиз яна: “Овқат қорин учун, қорин эса овқат учун, Худо иккаласини ҳам йўқ қилади–ку”#6:13 “Овқат қорин учун, қорин эса овқат учун, Худо иккаласини ҳам йўқ қилади–ку” — бу жумла Коринфликлар орасида мақол бўлиб, одамлар озиқ–овқатлар борасида эркин эканлигига урғу берган. Улар, озиқ–овқатга оид қоидаларга риоя қилмаса ҳам бўлади, деб ҳисоблардилар. Павлус бунга қўшиларди. Лекин баъзи Коринфликлар бу каби эркинликни жинсий ҳаётига татбиқ этиб, зино қилиш мумкин, деб ўйлашарди. Павлус эса уларнинг бу қарашига мутлақо қарши эди., деб айтяпсизлар. Тўғри, аммо баданимиз зино учун хизмат қилмаслиги керак, аксинча, баданимиз билан Раббимиз Исога хизмат қилишимиз керак. Раббимиз баданимиз устидан ҳокимлик қилиши керак. 14Раббимизни тирилтирган Худо Ўз қудрати билан бизларни ҳам тирилтиради.
15Билмайсизларми, ахир?! Аъзойи баданингиз Масиҳ танасининг аъзоси–ку! Шундай экан, мен Масиҳ танасининг аъзоларини олиб, фоҳиша танасининг аъзолари қилиб қўярмиканман? Йўқ, асло! 16Фоҳиша билан қовушган у билан бир тан бўлишини билмайсизларми?! Муқаддас битикларда: “Иккаласи бир тан бўладилар”#6:16 Ибтидо 2:24 га қаранг., деб ёзилган–ку! 17Раббимиз Исо билан бирга бўлган эса У билан бир руҳда бўлади.
18Жинсий ахлоқсизликдан ўзингизни олиб қочинглар! Жинсий ахлоқсизлик билан гуноҳ қилган ўз танасига қарши гуноҳ қилган бўлади, қолган ҳамма гуноҳлар эса танага бевосита боғланмаган ҳолда қилинади. 19Наҳот билмасангиз?! Қалбингизда маскан қилган Муқаддас Руҳни Худо сизларга берган. Танангиз Муқаддас Руҳнинг маъбадидир. Сизлар ўзларингизга тегишли эмассизлар. 20Сизлар қиммат баҳога сотиб олингансизлар. Шунинг учун ўз танангиз билан Худони улуғланглар#6:20 …ўз танангиз билан Худони улуғланглар — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Худога тегишли бўлган танангиз ва руҳингиз билан Худони улуғланглар..

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in