1 Коринфликлар 2
2
2–БОБ
Павлус баён этган хабарнинг асоси
1Эй биродарлар, мен сизларга Худонинг сирли режасини#2:1 Худонинг сирли режаси — юнонча матндан (яна шу бобнинг 7-10–оятларига қаранг). Баъзи юнон қўлёзмаларида Худонинг шоҳидлиги ёки Худо тўғрисидаги шоҳидлик. эълон қилишга борганимда, сўзамоллик ва инсоний донолик билан гапирмадим. 2Орангизда бўлганимда, Исо Масиҳ ва Унинг хочга михланганидан бошқа ҳеч нарса ҳақида гапирмасликка қарор қилдим. 3Олдингизга заифлигу қўрқув ҳисси билан титраб бордим. 4Мен сизларга Хушхабар айтиб, ваъз қилганимда, донолик қилиб ишонтиришга уринмадим, балки Худонинг Руҳи ва қудратига асосландим, 5токи сизларнинг имонингиз инсон донолигига эмас, балки Худонинг қудратига асослансин.
Худонинг донолиги
6Биз етказган хабарни руҳан етук инсонлар ҳикмату донолик деб тан оладилар. Аммо бизнинг донолигимиз бу дунёга ёки бу дунёнинг ўтиб кетадиган ҳукмронларига муносиб бўлган донолик эмас. 7Биз Худонинг пинҳон тутилган сирли донолиги ҳақида гапирамиз. Бу донолиги билан Худо дунё бино бўлишидан аввалроқ биз учун нажот режасини тайёрлаб қўйган эди. Унинг мақсади бизни Ўз улуғворлигидан баҳраманд қилиш эди. 8Бу дунёнинг ҳукмронлари Худонинг донолигини тушунмадилар. Тушунганларида эди, улуғвор Раббимиз Исони хочга михламаган бўлардилар. 9Биз Муқаддас битикларда ёзилган сирли режа ҳақида гапиряпмиз:
“Ҳеч бир кўз кўрмаган, ҳеч бир қулоқ эшитмаган,
Инсон ақли бовар қилмаган ажойиботларни
Худо Ўзини севганлар учун тайёрлаб қўйган.”#2:9 Ишаё 64:4 га қаранг.
10Бизларга эса Худо буларни Ўзининг Руҳи орқали ошкор қилди. Чунки Муқаддас Руҳ ҳамма нарсадан, ҳатто Худонинг чуқур ўй–фикрларидан ҳам огоҳдир. 11Инсоннинг ўй–фикрларини унинг ичидаги ўз руҳидан бошқа яна ким билади?! Худди шу сингари, Худонинг ўй–фикрларини Худонинг Руҳидан бошқа ҳеч ким билмайди. 12Биз Худонинг Руҳини қабул қилдик, энди дунёвий одамлар каби ўй–фикр қилмаймиз. Шунинг учун Худо бизга нима ато қилганини аниқ тушуна оламиз. 13Биз булар ҳақида гапирганимизда инсоний донолик билан гапирмаймиз, балки Муқаддас Руҳ ўргатаётган сўзлар билан руҳий ҳақиқатни талқин қиламиз#2:13 …Муқаддас Руҳ ўргатаётган сўзлар билан руҳий ҳақиқатни талқин қиламиз — ёки …Муқаддас Руҳ ўргатаётган сўзлар билан гапириб, Муқаддас Руҳга тобе бўлганларга руҳий ҳақиқатни талқин қиламиз..
14Қалбида Худонинг Руҳи бўлмаган инсонлар Худонинг Руҳи ўргатган ҳақиқатни рад қиладилар. Улар учун бу ҳақиқат тентакликдай туюлади, бу ҳақиқатни улар тушуна олмайдилар. Зеро, бу ҳақиқатни фақатгина Худонинг Руҳи ёрдами билан тушунса бўлади. 15Қалбида Худонинг Руҳи бўлган инсон ҳамма нарсага баҳо бера олади, аммо бошқалар у одамга баҳо беришга ожиз. 16“Ахир, ким Раббимизнинг фикр–зикрини англаб етибдики, Унга йўл–йўриқ кўрсатса?!”#2:16 Ишаё 40:13 га қаранг. Биз эса Масиҳдай фикрлай оламиз.
Currently Selected:
1 Коринфликлар 2: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020