1 Коринфликлар 10
10
10–БОБ
Исроил халқининг тарихидан ибратлар
1Биродарлар, ота–боболаримизнинг тарихини ёдингизга солмоқчиман. Уларнинг ҳаммаси булут остида чўлни кезиб, Қизил денгиздан ўтдилар#10:1 Уларнинг ҳаммаси булут остида чўлни кезиб, Қизил денгиздан ўтдилар — Чиқиш 13:21-22, 14:19-29 га қаранг.. 2Улар булут остида кезиб, Қизил денгиздан ўтганда, гўё сувга чўмдирилгандай бўлиб, Мусонинг издошлари бўлдилар. 3Мўъжиза орқали уларнинг ҳаммасига бир хил овқат берилди#10:3 Мўъжиза орқали уларнинг ҳаммасига бир хил овқат берилди — Чиқиш 16:4-31, 35 га қаранг.. 4Мўъжиза орқали ҳаммасига ичиш учун сув берилди. Мўъжиза орқали улар қоядан сув олиб ичдилар#10:4 Мўъжиза орқали…улар қоядан сув олиб ичдилар — Чиқиш 17:1-7, Саҳрода 20:2-11 га қаранг.. Ўша қоя Масиҳнинг тимсоли эди. Юрган йўлларида Масиҳ улар билан бирга эди. 5Гарчи шундай бўлса ҳам, уларнинг деярли ҳаммаси Худони норози қилди, шунинг учун итоатсизларни Худо саҳрода ҳалок қилди.
6Итоатсизларнинг бошига тушган кўргиликлар бизга ибрат бўлди, токи биз ҳам уларга ўхшаб ёвузлик пайида бўлмайлик. 7Уларнинг баъзиларига ўхшаб, бутпараст бўлмайлик. Улар ҳақида шундай ёзилган–ку: “Халқ ўтириб еб–ичгандан кейин кўнгилхушлик қилди.”#10:7 Чиқиш 32:6 га қаранг. 8Уларнинг баъзиларига ўхшаб жинсий ахлоқсизликка берилмайлик. Улар ахлоқсизлик қилганлари учун бир кунда йигирма уч мингтаси нобуд бўлди#10:8 Улар…нобуд бўлди — Саҳрода 25:1-9 га қаранг.. 9Масиҳни синамайлик, чунки улардан баъзилари шундай қилиб, илонларнинг заҳридан ҳалок бўлдилар#10:9 …улардан баъзилари шундай қилиб, илонларнинг заҳридан ҳалок бўлдилар — Саҳрода 21:4-6 га қаранг.. 10Ҳеч нолимайлик. Улардан баъзилари минғирлаб нолидилар, шунинг учун Азроил уларни уриб, нобуд қилди#10:10 Улардан баъзилари…нобуд қилди — Саҳрода 16:41-49 га қаранг..
11Улар бошидан кечирган бу ҳодисалар бизларга ибрат бўлди. Замон охирлашиб қолган пайтда яшаётганларга, яъни бизларга сабоқ бўлиши учун бу ҳодисалар Муқаддас битикларда ёзиб қолдирилган. 12Шунинг учун маҳкам турибман, деб ўйлаган одам эҳтиёт бўлсин, тағин қоқилиб йиқилмасин. 13Сизлар тушган васвасага бошқалар ҳам дучор бўлган. Аммо Худо содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди. Васвасага бардош бера олишингиз учун керакли пайтда васвасадан қутулиш йўлини ҳам беради.
Жинлар билан алоқада бўлмаслик ҳақида
14Эй азизларим, бутпарастликдан ўзингизни олиб қочинг! 15Мен сизларни ақли расо одамлар деб билиб гапиряпман. Айтаётганларимга ўзингиз баҳо беринглар. 16Биз дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирганимизда#10:16 Биз дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирганимизда… — Исонинг ўлимини хотирлаш мақсадида бирга йиғилиб, таом тановул қилишга ишора қилинган (11:23-26, Марк 14:22-25 га қаранг)., Худога шукур айтиб қутлуғ косадан ичганимизда Масиҳнинг тўкилган қонига шерик бўламиз, нонни бўлишиб еганимизда эса Унинг қурбон қилинган танасига шерик бўламиз–ку! 17Битта нонни бўлиб еганимиздай, биз ҳаммамиз, кўпчилик бўлсак–да, бир танани ҳосил қиламиз.
18Исроил халқига қаранглар! Қурбонгоҳдаги қурбонликлардан тановул қилиш улар учун Худога сажда қилиш дегани–ку! 19Мен бу билан нима демоқчиман ўзи? Бутга бағишланган қурбонликнинг ҳам бирор аҳамияти борми? Бутнинг ўзи ҳам бирор аҳамиятга эгами? 20Йўқ! Бутпарастлар қурбонлик келтирганларида, аслида қурбонликни худо деб аталган бутларга эмас, балки жинларга бағишлаган бўладилар. Жинларга шерик бўлишингизни мен хоҳламайман. 21Сизлар ҳам Раббимиз Исонинг косасидан, ҳам жинларнинг косасидан ича олмайсизлар. Ҳам Раббимиз дастурхонидан, ҳам жинларнинг дастурхонидан баҳраманд бўла олмайсизлар. 22Наҳотки Раббимиз Исонинг рашкини қўзғатмоқчи бўлсангиз? Наҳотки сизлар Ундан ҳам қудратлироқ бўлсангиз?!
Бошқаларнинг манфаатини кўзлаш
23Баъзиларингиз: “Инсон хоҳлаганини қилишга ҳақли”, деб айтяпсиз. Тўғри, лекин ҳамма нарса ҳам фойдали эмас. Инсон хоҳлаганини қилишга ҳақи бор, лекин ҳамма нарса ҳам манфаат келтирмайди. 24Ҳамма биринчи ўринда ўзининг эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзда тутсин. 25Бозордаги гўшт қаердан келгани ҳақида сўраб–суриштирмай, пок виждон билан еяверинглар. 26Ахир, Муқаддас битикларда шундай ёзилган–ку:
“Эгамизникидир замин, ундаги бутун борлиқ.”#10:26 Забур 23:1 га қаранг.
27Агар Масиҳни билмаган бирорта одам сизларни уйига чақирса ва сиз у ерга борадиган бўлсангиз, олдингизга қўйилган ҳамма нарсани қаердан келганини сўраб–суриштирмай, пок виждон билан еяверинглар. 28-29Лекин бир биродар сизга: “Бу қурбонлик гўшти”, деб айтса, унда ўша айтган одам ҳақи ва уни васвасага солмаслик учун ўша гўштни еманглар#10:28-29 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида шу жумладан кейин қуйидаги сўзлар қўшимча қилинган: Зеро “Эгамизникидир замин, ундаги бутун борлиқ.”. Гўшт ейиш сиз учун гуноҳ бўлмаса ҳам, ўша одам учун гуноҳ, у гўштни еса, виждони қийналади. Аммо мен бу гўштни емасам ҳам эркинлигим чекланиб қолмайди. 30Агар мен Худога шукрона айтиб овқатни тановул қилсам, ўша овқатни еганим учун маломатга қолмайман.
31Шундай қилиб, ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангиз ҳам, ҳаммасини Худони улуғлаш учун қилинглар. 32Яҳудийлару ғайрияҳудийларни, Худони биладигану билмайдиганларни ўйлаб иш тутинг. 33Мен ҳам ўз манфаатимни эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзлаяпман, улар нажот топсин деб, турли йўллар билан ҳамманинг кўнглини топишга ҳаракат қиляпман.
Currently Selected:
1 Коринфликлар 10: ЎзбМК
Highlight
Share
Copy
Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020