Chapa ya Youversion
Ikoni ya Utafutaji

Марк 7

7
7–БОБ
Диний урф–одатлар ва Худонинг амри
1Фарзийлар ва Қуддусдан келган айрим Таврот тафсирчилари Исонинг ёнига йиғилиб келдилар. 2Улар Исонинг шогирдларидан баъзилари ҳаром, яъни ювилмаган қўллари#7:2 ювилмаган қўллари — фарзийлар ва Таврот тафсирчилари овқатланишдан олдин қўлларининг ювилишига алоҳида эътибор қаратишарди. Айниқса кўчада, одамлар орасида бўлиб келгандан кейин, дастурхонга ўтиришдан олдин урф–одатларга кўра қўлларини ювиб, ўзларини поклаб олишарди. билан нон еяётганларини кўриб қолдилар. 3Фарзийлар ва умуман яҳудийлар ота–боболарининг урф–одатини сақлаб, ҳеч ҳам қўлларини ювмасдан овқат емайдилар. 4Бозордан қайтганларида ҳам ювинмай овқат емайдилар. Шунингдек, сўри, коса, товоқ, қозонни ювиш каби кўпгина удумларга риоя қиладилар.
5Шундай қилиб, фарзийлар ва тафсирчилар Исодан сўрадилар:
— Нега Сизнинг шогирдларингиз ота–боболаримизнинг урф–одатини сақлашмайди? Нима учун ҳаром қўллари билан нон ейишади?
6Исо уларга шундай жавоб берди:
— Ишаёнинг башорати сиз иккиюзламачиларга жуда тўғри келади. Худонинг қуйидаги сўзларини Ишаё ёзиб қолдирган:
“Бу халқ Мени тилидагина иззат қилади,
Юраклари эса Мендан узоқдир.
7Улар Менга сажда қиладилар,
Аммо саждалари беҳудадир.
Чунки улар инсон яратган қоидаларни
Илоҳий қонун деб ўргатадилар.”#7:6-7 Муаллиф бу ўринда Ишаё 29:13 нинг қадимий юнонча таржимасидан фойдаланган.
8Сизлар Худонинг амрларини йиғиштириб қўясизлар, инсоний урф–одатларга эса ёпишиб оласизлар#7:8 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Ахир, сизлар товоқ ва коса чайиш билан боғлиқ ва бошқа яна кўп удумларга риоя қиласиз..
9Исо яна уларга деди:
— Ҳа, сизлар урф–одатларингизни сақлаш учун Худонинг амрларини четлаб ўтишнинг зўр йўлини топгансизлар! 10Мусо айтган эди: “Ота–онангизни ҳурмат қилинг. Отасини ёки онасини хўрлаган ҳар қандай одамга ўлим жазоси берилсин.”#7:10 Чиқиш 20:12, 21:17, Левилар 20:9, Қонунлар 5:16 га қаранг. 11Аммо сизлар шундай таълим берасизлар: одам ўз отаси ёки онасига: “Фарзандлик бурчим — Худога қурбон, яъни Худога инъом қилинган”, деб айтиши мумкин. 12Шундан кейин ўша одамнинг отасига ёки онасига яхшилик қилишига сизлар йўл қўймайсизлар. 13Шу тариқа сизлар ўзларингиз ўрнатган урф–одатларингиз орқали Худонинг каломини бекор қиласизлар. Сизлар бунга ўхшаш яна кўп ишларни қиласизлар.
Инсонни нима ҳаром қилади?
14Кейин Исо бутун халқни яна ёнига чақириб, деди:
— Ҳаммаларингиз Менга қулоқ солиб, тушуниб олинглар! 15-16Ташқаридан инсон ичига кирадиган ҳеч нарса уни ҳаром қила олмайди. Аксинча, инсон ичидан чиқадиган нарса уни ҳаром қилади#7:15-16 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар 16–оятни ташкил этиб, қўшимча қилинган: Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!.
17Исо халойиқ орасидан чиқиб уйга кирди, шогирдлар Ундан: “Ҳалиги айтганларингизни тушунтириб беринг”, деб илтимос қилишди. 18Исо уларга деди:
— Сизлар ҳам шунчалик бефаҳммисизлар?! Ташқаридан инсоннинг ичига кирадиган ҳеч нарса уни ҳаром қила олмаслигини англамайсизларми? 19Бу нарсалар инсоннинг қалбига эмас, қорнига киради ва керакли жойдан чиқиб кетади.
Исо бу гаплари билан ҳамма егуликлар ҳалол эканини эълон қилди.
20У яна деди:
— Инсоннинг ичидан чиқадиган нарсалар инсонни ҳаром қилади. 21Чунки ичдан, яъни инсон қалбидан ёмон фикрлар, фаҳш, ўғрилик, қотиллик, 22зино, очкўзлик, фосиқлик, маккорлик, шаҳват, ҳасад, туҳмат, манманлик ва нодонлик чиқади. 23Ана шу ёмонликларнинг ҳаммаси инсоннинг ичидан чиқиб, уни ҳаром қилади.
Ғайрияҳудий аёлнинг ишончи
24Исо у ердан чиқиб, Тир#7:24 Тир — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида Тир ва Сидон. Тир ва Сидон Финикияда муҳим аҳамиятга эга бўлган ғайрияҳудийлар шаҳарлари. Бу шаҳарлар Жалиладан шимоли–ғарбда, Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган эди. Бугунги кунда бу ер Ливан мамлакатининг жанубий қисмини ташкил қилади. ҳудудига кетди. Бир уйга кирди ва буни ҳеч ким билиб қолишини истамас эди, лекин яширина олмади.
25Қизалоғини ёвуз руҳ чалган бир аёл Исо ҳақида эшитиб қолди–да, тез келиб, Унинг оёғига йиқилди. 26Бу аёл Суриядаги Финикия#7:26 Суриядаги Финикия — ўша даврда Финикия Рим империясига қарашли Сурия вилоятининг бир қисми эди. Ҳозирги Ливан мамлакатининг денгиз бўйидаги ҳудуди. ўлкасида туғилган бўлиб, яҳудий эмас эди. У:
— Қизимдан жинни қувиб чиқаринг, — деб Исодан ёлвориб сўради. 27Бироқ Исо унга:
— Аввал болалар тўйсин, болалардан нонни олиб кучукларга ташлаш яхши эмас, — деди.
28— Тўғри, Ҳазрат#7:28 Ҳазрат — юнонча матнда куриос. Бу ўринда обрў–эътиборли инсонга нисбатан ишлатиладиган сўз сифатида қўлланган. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги ХУДОНИНГ НОМЛАРИ ибораси остида берилган РАББИЙ, РАББИМ, РАББИМИЗ… сўзига қаранг., — деди аёл. — Лекин кучуклар ҳам болаларнинг дастурхонидан тўкилган ушоқларини ейди–ку.
29Исо унга:
— Мана шу гапинг учун сенга ёрдам бераман. Энди кетавер. Қизингдан жин чиқиб кетди, — деди.
30Аёл уйига борганда, қизини жиндан қутулиб, тўшакда ётган ҳолда кўрди.
Исо кар одамга шифо беради
31Исо Тир ҳудудидан чиқиб, Сидонга#7:31 Сидон — шу бобнинг 24–ояти изоҳига қаранг. борди. Сўнг Жалила кўли бўйларидан ўтиб, Декаполис ҳудудига#7:31 Декаполис ҳудуди — 5:20 изоҳига қаранг. борди. 32Айрим одамлар Исонинг олдига зўрға гапирадиган бир кар одамни олиб келиб, унга қўл теккизишини сўрашди. 33Исо у одамни халойиқ орасидан бир четга олиб чиқди, сўнг Ўз бармоқларини унинг қулоқларига тиқиб қўйди. Сўнг тупуриб, сўлагини ўша одамнинг тилига теккизди. 34Кейин осмонга қараб, чуқур хўрсинди–да, унга: “Эффатаҳ!”#7:34 “Эффатаҳ!” — орамийча сўз. деди. Бу сўзнинг таржимаси “Очил!” демакдир. 35Шу онда у одамнинг қулоқлари очилиб, тилга кирди, равонгина гапира бошлади.
36Исо у ердагиларга, буни ҳеч кимга айтманглар, деб буюрди. Бироқ Исо одамларга қанча ман этса ҳам, улар бу ҳодисани янада кўпроқ ёйишарди. 37Улар ҳаддан ташқари ҳайратда қолиб, шундай дейишарди: “У ҳамма нарсани яхши қилади, карларни эшитадиган, соқовларни гапирадиган қилади.”

Iliyochaguliwa sasa

Марк 7: ЎзбМК

Kuonyesha

Shirikisha

Nakili

None

Je, ungependa vivutio vyako vihifadhiwe kwenye vifaa vyako vyote? Jisajili au ingia