2 Коринфликлар 8
8
8–БОБ
Қуддусдаги жамоат учун ҳадя
1Энди биродарлар, Худонинг Македониядаги жамоатларга#8:1 Македониядаги жамоатлар — Филиппи, Салоника ва Верия шаҳарларидаги жамоатларга ишора бўлса керак. Павлус Хушхабар ёйиш мақсадида қилган иккинчи сафари давомида бу жамоатларга асос солган эди (Ҳаворийлар 16:9-17:15 га қаранг). Павлус яна бир бор Македонияга борган пайтда “2 Коринфликлар” мактубини ёзган. Македония вилояти Ахая вилоятидан шимолда жойлашган эди. Коринф шаҳри Ахая вилоятининг пойтахти эди. кўрсатган инояти ҳақида сизларга айтмоқчимиз. 2Улар оғир кулфатларга йўлиқиб, синалган бўлсалар–да, жўшқин бир севинчга тўлиб–тошдилар, ўта камбағал бўлсалар–да, юраклари сахийликка бой эканлигини кўрсатдилар. 3Улар ўз хоҳишлари билан, қўлларидан келганча, ҳатто имконларидан ортиқ хайр–эҳсон берганларига мен шоҳидман. 4Улар, Худонинг Қуддусдаги азизларига#8:4 …Худонинг Қуддусдаги азизларига… — 1 Коринфликлар 16:1 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг. ёрдам беришда иштирок этайлик, деб биздан ўтиниб сўрадилар. 5Ҳатто умид қилганимиздан ҳам зиёдроғини қилдилар. Худонинг иродаси бўйича улар ўзларини аввал Раббимиз Исога, кейин эса бизга бағишладилар.
6Титус сизларнинг орангизда бошлаган хайрли ишини битирсин деб, уни рағбатлантирдик. 7Сизлар имон ва илм–маърифатга бой, гапга чечан, нотиқликда моҳирсизлар, ғайрату тиришқоқликда ҳеч кимдан қолишмайсизлар, биз туфайли қалбингизда уйғонган меҳр–муҳаббатингиз#8:7 …биз туфайли қалбингизда уйғонган меҳр–муҳаббатингиз… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида сизларнинг бизга бўлган меҳр–муҳаббатингиз. чексиздир. Шундай экан, бу хайрли иш орқали сахийлигингизнинг чексизлигини ҳам кўрсатинг. 8Мен буни сизларга буйруқ тариқасида эмас, балки меҳр–муҳаббатингизнинг самимийлигини исбот қилишингиз учун айтяпман. Шунинг учун бошқаларнинг ғайратию тиришқоқлигига эътиборингизни қаратяпман. 9Ахир, ўзингиз Раббимиз Исо Масиҳнинг кўрсатган иноятини биласизлар–ку, У бой бўлса ҳам, сизларни бой қилиш учун камбағал бўлди#8:9 …У бой бўлса ҳам…камбағал бўлди — Юҳанно 17:5, Филиппиликлар 2:6-8 га қаранг..
10-11Юқорида айтиб ўтилган хайр–эҳсонлар ҳақида маслаҳатим қуйидагичадир: ўтган йили нафақат ўша хайрли ишни қилишни бошладингиз, балки бу ишга қўшилиш ҳақида ўзингиз хоҳиш билдирган эдингиз. Энди ўз манфаатингиз учун хайрли ишингизни охирига етказинглар, қандай ният билан бошлаган бўлсангиз, шундай қилиб, қўлингиздан келганича битиришга ҳаракат қилинглар. 12Агар инсон ҳадя беришни хоҳласа, ундан йўқ бўлган нарса талаб қилинмайди, балки ўзида бор нарсасини бергани қабул қилинади.
13Бошқаларнинг ҳаёти енгиллашиб, сизлар эса оғир аҳволда қолишингизни истамаймиз. Ҳамманинг орасида тенглик бўлсин. 14Ҳозирги пайтда сизлардаги барака улардаги етишмовчиликларни тўлдирсин, пайти келганда улардаги барака сизлардаги етишмовчиликларни тўлдиради, шундай қилиб тенглик бўлади. 15Муқаддас битикларда қуйидагича ёзилган: “Кўп йиғиб олганлардан ҳеч нарса ортиб қолмади, оз йиғиб олганлар учун эса етарли бўлди.”#8:15 Чиқиш 16:18 га қаранг.
Титус ва унинг йўлдошлари
16Худога шукур! Мен сизларга қандай ғамхўр бўлсам, Худо сизларга нисбатан шундай ғамхўрликни Титуснинг дилига жо қилди. 17Ахир, Титусдан сизларнинг олдингизга боришни илтимос қилганимда, у нафақат рози бўлди, балки хоҳиш ва иштиёқ билан борди. 18У билан бирга барча жамоатларда Хушхабарнинг воизи деб мақталган биродарни ҳам юбордик. 19Хайрли ишда ёрдам қилиб, улар билан бирга Қуддусга борсин деб, жамоатлар уни бизга йўлдош қилиб сайлаган эдилар#8:18-19 У билан бирга…мақталган биродарни ҳам юбордик. 19…жамоатлар уни бизга йўлдош қилиб сайлаган эдилар — Павлус Титусни Македониядан Коринфга жўнатган, шу ёзган мактубини (яъни “2 Коринфликлар” мактубини) ундан бериб юборган. Коринфликлар Қуддусдаги масиҳийлар учун йиғадиган назрларини Титус ва унга ҳамроҳ бўлиб борган биродар олишлари ва сақлаб қўйишлари керак эди (1 Коринфликлар 16:1 га ва ўша оятнинг изоҳига қаранг). Кейинчалик, Павлус ўз ҳамкорлари ва Титуснинг ҳамроҳи билан бирга Коринфда йиғилган назрларни Қуддусга олиб боради. Шу бобнинг 22–оятида Павлус Титус билан бирга Коринфга юборилган яна бир биродар ҳақида ёзган. Титуснинг ҳамроҳи бўлган бу икки биродар ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ.. Биз бу ишни Эгамизни улуғлаш учун ҳамда ўзимизнинг иштиёқимизни кўрсатиш учун қиляпмиз. 20Сахийлик билан берилган хайр–эҳсонларни аталган одамларга етказишда ҳеч қандай айб иш қилмаяпмиз. 21Биз нафақат Эгамизнинг назарида, балки инсонлар олдида ҳам тўғри иш қилишга ҳаракат қиляпмиз.
22Титус ва ваъзхон биродарга қўшиб, яна бир биродарни ҳам юборяпмиз. У биз томондан кўп синалган ва ҳар жиҳатдан ғайратли эканлигини кўрсатган. Сизларга нисбатан ишончи комил бўлгани учун унинг сизларга хизмат қилиш иштиёқи янада кўпайган. 23Агар Титус ҳақида кимдир сўраса, у менинг ҳамроҳим ва сизлар учун хизмат қилаётган ҳамкорим эканлигини айтинглар. Ҳалиги икки биродар эса жамоатлар томонидан юборилган ва улар Масиҳга улуғворлик келтирадилар. 24Шундай қилиб, жамоатлар олдида ўша биродарларга бўлган меҳр–муҳаббатингизни кўрсатиб, уларга сизларни мақтаганимиз бекор эмаслигини исботланг.
© Муқаддас Китобни таржима қилиш институти, 2016, 2018, 2020