Закариё 6

6
6–БОБ
Саккизинчи ваҳий: тўртта арава
1Мен яна тепага қараб, иккита бронза тоғ орасидан чиқиб келаётган тўртта аравани кўрдим. 2Биринчи аравани қизғиш, иккинчи аравани эса қора отлар, 3учинчи аравани оқ, тўртинчи аравани эса ола–була отлар тортиб келаётган эди. Бу отларнинг ҳаммаси кучли эди. 4Мен билан гаплашаётган фариштадан:
— Эй тўрам, булар нима? — деб сўрадим. 5Фаришта шундай жавоб берди:
— Булар бутун олам Раббийсининг ҳузуридан чиқиб келаётган тўртта самовий руҳдир. 6Қора отли арава шимолга боради. Оқ отлиси эса унинг орқасидан кетади#6:6 …унинг орқасидан кетади — ёки …ғарбга боради.. Ола–була отли арава жанубга боради.
7Ана шу кучли отлар чиқиб келиб, ерни айланишга шошилдилар. Фаришта уларга:
— Боринглар, ерни кўриб чиқинглар, — деди. Шунда улар ерни айланиб келишди. 8Кейин фаришта мени чақириб, шундай деди:
— Мана, қара! Отлар шимолдаги юртга#6:8 шимолдаги юрт — Бобил назарда тутилган. боришди. У ерда Эгамизнинг иродасини адо этишди, Эгамиз жаҳлидан тушди#6:8 …Эгамизнинг иродасини адо этишди, Эгамиз жаҳлидан тушди — ибронийча матнда …Эгамизнинг Руҳига тинчлик беришди. Бу ибора Худонинг халқига зулм ўтказган халқлар (1:15 га қаранг) жазо олганини билдириши мумкин. Милоддан олдинги 539 йилда Форс шоҳи Куруш Бобилни босиб олди ва кейинги йили ўша ерда сургунда яшаётган яҳудийларга Қуддусга қайтишлари учун ҳамда Маъбадни қайта қуришлари учун ижозат берди (2 Солномалар 36:20-23, Ишаё 44:28-45:4 га қаранг)..
Ёшуага тож кийдириш ҳақида амр
9Эгамиз менга қуйидаги сўзларни аён қилди:
10— Бобилдаги сургундан қайтиб келган Халдай, Тўвиё ва Ёдаёдан тилла ва кумуш ол. Ўша куниёқ Зафаниё ўғли Йўшиёнинг уйига бор. 11Берилган кумуш ва олтиндан тож ясагин. Уни Ёҳузадах ўғли — олий руҳоний Ёшуанинг бошига кийгизгин–да, 12унга шундай дегин: “Сарвари Олам шундай демоқда: Новда#6:12 Новда — Зарубабел назарда тутилган (4:6-10 га қаранг), айни пайтда келадиган Масиҳга ҳам ишора қилади (3:8 изоҳига қаранг). деган одам ўз турган жойидан шохлайди–да, Менинг Маъбадимни қуради. 13Ҳа, Менинг Маъбадимни қурадиган ўшадир. У шоҳона улуғворликка эга бўлиб, ҳукмронлик қилади. Тахтининг олдида руҳоний туради#6:13 Тахтининг олдида руҳоний туради — олий руҳоний Ёшуа назарда тутилган, айни пайтда руҳоний ва шоҳ бўлиб келадиган Масиҳга ҳам ишора қилади (Забур 109:1-4 га қаранг).. Иккаласи орасида тинчлик, осойишталик бўлади. 14Бу тож Халдай#6:14 Халдай — ибронийча матнда бу исмнинг бошқа варианти Халем. Унинг Халдай деган шакли шу бобнинг 10–оятидан олинган., Тўвиё, Ёдаё ва Зафаниё ўғли Йўшиёнинг#6:14 Йўшиё — ибронийча матнда Хен, маъноси иноятли ва Йўшиёнинг яна бир номи бўлиши мумкин. Унинг Йўшиё деган шакли шу бобнинг 10–оятидан олинган. қарамоғида бўлади. У Менинг Маъбадимда ёдгорлик бўлиб қолади. 15Узоқ жойлардан одамлар келиб, Менинг Маъбадимни қуришга ёрдам беришади.”
Эй сургундан қайтиб келганлар! Шунда Сарвари Олам мени юборганини сизлар англаб етасизлар. Агар сизлар Эгангиз Худонинг сўзларига яхшилаб қулоқ солсангизлар, мана шуларнинг ҳаммаси содир бўлади.

ಪ್ರಸ್ತುತ ಆಯ್ಕೆ ಮಾಡಲಾಗಿದೆ:

Закариё 6: ЎзбМК

ಹೈಲೈಟ್ ಮಾಡಿ

ಹಂಚಿಕೊಳ್ಳಿ

ಕಾಪಿ

None

ನಿಮ್ಮ ಎಲ್ಲಾ ಸಾಧನಗಳಲ್ಲಿ ನಿಮ್ಮ ಮುಖ್ಯಾಂಶಗಳನ್ನು ಉಳಿಸಲು ಬಯಸುವಿರಾ? ಸೈನ್ ಅಪ್ ಮಾಡಿ ಅಥವಾ ಸೈನ್ ಇನ್ ಮಾಡಿ